Энди участка инспекторлари ўз вазифаларидан чалғитилмайди
Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга кўра, профилактика инспекторларини уларга юклатилган вазифалар ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб қилиш ҳамда уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш тақиқланади.
2024 йил 1 сентябрдан эътиборан Тошкент шаҳар ички ишлар органлари, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қолган ҳудудий ички ишлар органлари профилактика катта инспектори лавозимларига фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар тайинланади.
Профилактика инспекторлари учун Ички ишлар вазирлиги Академияси сиртқи таълимига қабул қилинадиган ходимлар умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, фаолиятида юқори натижаларга эришган Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар органларидан иккитадан, қолган ҳудудий ички ишлар органларидан биттадан профилактика инспектори Департамент бошлиғи тақдимномасига асосан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълимига имтиҳонларсиз қабул қилинади ҳамда бепул ўқитилади.
Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда профилактика инспекторларининг ҳудудда, хусусан шаҳар ва қишлоқ шароитида фаолият олиб бориши бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи моделларни амалиётга жорий этиш чораларини кўрсин ва улар бўйича ўқитиш тизимини йўлга қўйиши лозим.
Пробация инспекторларининг фаолияти ҳудудий профилактика инспекторлари билан кунлик узлуксиз ҳамкорликда ташкил этилади. Пробация инспекторлари зиммасига профилактик ҳисоб ва маъмурий назоратдагиларнинг шахсини ўрганиш ва уларни ижтимоий мослаштириш ишларида профилактика инспекторларига амалий-услубий кўмаклашиш бўйича қўшимча вазифалар юкланади.
Шарҳлар