Энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилмоқда

Foto: O‘ZENERGOINSPEKSIYA

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 июлдаги 426-сон қарори билан энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди.

Бугунги кунда электр энергетикаси ва нефт-газ соҳасида 80 минг киши меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга, энергетика соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона тизими йўқлиги соҳа объектларидаги таъмирлаш ишлари сифатига салбий таъсир кўрсатиб, авариялар ва ҳалокатлар сонининг ўсишига сабаб бўлмоқда.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ таъсисчилигида ҳудудий филиалларга эга бўлган Энергетика соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази МЧЖ шаклида ташкил этилмоқда.

Марказнинг асосий вазифалари:

  • замонавий талабларга мувофиқ кадрлар таълими сифатини таъминлаш;
  • зарур касбий компетенсиялар даражасини шакллантириш, ўз касбий билим, кўникма ва малакаларини доимий такомиллаштириш механизмларини жорий этиш;
  • илғор хорижий тажриба асосида ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;
  • ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини таҳлил қилиш ва мониторинг қилишнинг рақамли ахборот тизимларини жорий этиш;
  • энергоаудит ва энергоменежмент бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш;
  • малака ошириш учун рақамли таълим ресурсларини яратиш ва масофавий таълим тизимини жорий этиш ва бошқалар.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб энергетика соҳасидаги давлат ташкилотлари ва корхоналарида ишлаётганлар малакасини оширадилар:

  •  раҳбарлар ва мутахассислар – беш йилда камида бир марта;
  • муҳандис-техник, ишлаб чиқариш ва ишчи ходимлар – уч йилда камида бир марта.

2025 йил 1 апрелгача Марказ энергетика соҳасида ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек якуний имтиҳонлар ўтказиш учун махсус электрон платформани ишга туширади.

Марказда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини муваффақиятли ўтаган тингловчиларга тегишли сертификат берилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 17 июлдан кучга кирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.