Энергетика вазирлиги: Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш қисқарди, аммо тўхтамади
Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш қисқартирилди, бироқ тўхтатилмади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди, деб ёзади “Фергана” нашри.
Шу тариқа вазирлик DABS энергетика компанияси вакили Ҳикматулла Майвандининг электр таъминоти тизимидаги муаммолар туфайли Ўзбекистон Афғонистон олдидаги шартномавий мажбуриятларини бажара олмаётгани ҳақидаги видеомурожаатига муносабат билдирди.
DABS сўнгги кунларда тез-тез электр таъминотисиз қолган аҳоли турар-жойларини энергия билан таъминлаш мақсадида иссиқлик электр станцияларини қайта ишга тушириш ва саноат объектларини электр энергияси билан таъминлашни чеклаш ҳақида ғамхўрлик қилмоқда.
«Биз кунига атиги икки-уч соат электр энергиясидан фойдаланяпмиз. Бу жуда катта муаммо. Одамлар ҳатто мобил телефонларини ҳам қувватлай олмаяптилар», — дейди Қобул аҳолиси Pajhwok агентлигига.
Агентлик маълумотларига кўра, Афғонистонга кунига 1200 МВт электр энергияси керак, бироқ айни пайтда мамлакат маҳаллий ва хорижий етказиб берувчилардан атиги 850 МВт энергия олмоқда.
Ўзбекистон сўнгги кунларда 125 МВт электр энергияси етказиб бермоқда, деб хабар қилади мамлакат Энергетика вазирлиги.
«Ҳозирда битта «Наибобод 1» электр узатиш тармоғи орқали электр энергияси етказиб берилмоқда, иккинчи «Наибобод 2» тармоғида техник носозликлар туфайли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан Афғонистонга электр энергияси экспорти қисқарган, бироқ тўхтатилгани йўқ», — дейилади вазирлик хабарида.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ DABS билан 2019 йили тузилган шартнома асосида Афғонистонга электр энергияси етказиб беради, унга кўра йиллик етказиб бериш 6 миллиард киловатт/соатгача бўлиши керак. Ҳужжат 10 йил муддатга имзоланган.
Шарҳлар