Энергетика вазирлиги ва тизим корхоналари 24/7 иш режимига ўтди
Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда вилоят ҳокимликлари масъуллари иштирок этган ушбу тадбирда ёқилғи-энергетика соҳаси объектларининг қиш мавсумида барқарор ишлаши, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш муҳим масалалардан экани қайд этилди.
Айнан шу талаблардан келиб чиқиб, мазкур тадбирда электр энергияси ва табиий газдан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш бўйича жойларда олиб борилаётган тарғибот ишларининг ҳолати ҳам таҳлил қилинди.
Унда сўз олганлар қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа обейктлари (соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим муассасалари) ҳамда иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш биринчи даражали вазифа эканини таъкидлади. Шунингдек, корхоналар томонидан амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди.
Барча масъулларга ишлаб чиқариш ва етказиб бериш объектларининг ишончли фаолиятини таъминлаш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишларини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Вазирлик ва тизим корхоналари томонидан куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун куну тун навбатчилик жорий этилгани, аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун махсус бригадалар ташкил қилингани маълум қилинди. Ушбу бригадалар зарур техникалар, материаллар ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Шунингдек, йиғилишда барча объектларда 24/7 иш режимига ўтилгани ва ишчи гуруҳлар томонидан ишлар доимий назорат қилинаётгани қайд этилди.
Шарҳлар