Йил бошидан буён Халқ таълими вазирлиги 368,6 млрд сўмлик молиявий хатоликлар ва камомадни аниқлади
Халқ таълими вазирининг ўринбосари Темур Комилов вазирлик томонидан халқ таълими тизимида коррупциянинг олдини олиш ва йўқ қилиш бўйича олиб борилаётган ташкилий ва амалий ишлар ҳақида гапириб берди. Хусусан, жорий йилнинг 11 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлар жараёнида 368,6 млрд сўмлик молиявий хатоликлар ва камомад аниқланган ва бартараф этилган, деб ёзади, UzNews нашри.
Шунга қарамасдан, йил бошидан ҳозирги кунга қадар вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 88 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 миллиард сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.
Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 11,5 миллиард сўм, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 11 миллиард сўм ҳамда ушбу вилоятнинг Гулистон шаҳрида 4 миллиард сўм миқдорда бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган.
Жиноят аломатлари бўлган 159 та 72,9 миллиард сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Бундан ташқари, вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан амалга оширилган иш ҳақидаги ахборот ҳам тақдим этилди.
«Хусусан, ҳозирга қадар соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан 243 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, 3 минг 415 нафарига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган, 151 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган», – дейди назорат-ҳуқуқий хизмати бошлиғи Искандар Тўраев.
Шарҳлар