«Юксалиш» ҳаракати: айрим дорихоналарда Quramax Medical компанияси томонидан олиб келинган дорилар борлиги аниқланди
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистондаги айрим дорихоналарда ҳали ҳам мамлакатда савдоси тўхтатилган Marion Biotech дори воситалари сотилаётганини аниқлади. Мониторинг натижалари акс этган материаллар (дорихоналар манзиллари, чеклар) чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тақдим этилди.
Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропини ичиш натижасида болалар ўлими кузатилган сўнг айбдорларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, «Quramax Medikal» компаниясининг Ўзбекистонда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияси суд тартибида бекор қилинди, яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб ташлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва бошқа дори воситаларини қўшимча текшириш мақсадида 2022 йилда «Quramax Medical» томонидан олиб кирилган барча дори воситалари сотувини тўхтатди. Булар 36 турдаги дорилар бўлиб, улар ичига «Док-1 Макс», «Нолгрипп» сироплари, «Травамакс» таблеткалари ва эритма учун гранулалари киради.
26-27 январь кунлари «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати республикамиз ҳудудларидаги дорихоналарда тақиқланган дори воситаларининг сотилишини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказди. «Сирли мижоз» кўринишидаги мониторинг Ўзбекистон бўйлаб 308 та дорихонани қамраб олди.
Натижада ҳудудларда дорихона ходимлари тақиқланган дори воситалари сотилмаслиги ҳақида хабардор қилингани маълум бўлди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш жамиятлари федерацияси, патронаж хизматлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, сотувдан чиқарилган дори воситалари рўйхати тарқатилмоқда. Аксарият дорихоналарда тақиқланган дори воситалари сотувдан олиб қўйилган, бироқ омборларда ҳамон сақланаётгани аниқланди.
Мониторингда маълум бўлдики, айрим дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сотуви тўхтатилган дори воситалари эркин сотувда мавжуд. Хусусан, Қашқадарё вилояти ва Сурхондарё вилоятининг айрим дорихоналарида Ҳиндистоннинг «Marion Biotech Pvt. Ltd.» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Нолгрипп Жуниор» йўталга қарши сиропи, «Травамакс», «Нолгрипп» ва «Цинепар» таблеткалари ва пастилларини ҳали ҳам харид қилиш мумкин. Аҳоли ушбу дори-дармонларни юз берган фожиали ҳолатлар, соғлиқ ва ҳаёт учун эҳтимолий хавфларга қарамай, аввалгидек сотиб олаётгани аниқланди.
Шу муносабат билан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати қуйидагиларга чақиради:
биринчидан, аҳоли, айниқса, чекка қишлоқлар, поликлиникалар ўртасида кенг тушунтириш ишларини ўтказиш;
иккинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган дори воситалари рўйхатини барча дорихоналарнинг кўринадиган жойига жойлаштириш;
учинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган, лекин омборларда сақланаётган барча дориларни, тадбиркорларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиққан ҳолда, йўқ қилинишини таъминлаш.
Шарҳлар