“Юксалиш” УМҲ юртимизда кутилаётган аномал совуқда барчани масофадан ишлашга чорлади
9—12-январ кунлари Ўзбекистонда аномал совуқ об-ҳаво кутилмоқда. Шу сабабдан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати агар ходимларнинг иш жойида бўлишига эҳтиёж бўлмаса, улар онлайн ишлаши учун рухсат берилиши кераклигини таъкидлади.
Пандемия бундай форматда ҳам берилган вазифаларни самарали бажариш мумкинлигини кўрсатди. Қолаверса, бу йўлларни тирбанд қилмасдан, қор ва музлардан тозалаб олинишига шароит яратишини айтган.
“Шунингдек, барча иш берувчилар — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларини ташкил этишни чуқурроқ кўриб чиқишлари керак. Меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан таъминлаш зарур”, – дейилади хабарда.
“Юксалиш” ҳаракати жамоаси эса 9—15 январ кунлари масофадан ишлашга ўтаётганлигини ҳам маълум қилган. Аномал совуқ кириб келиши муносабати билан, Марказий идора жойлашган бинонинг иситиш тизимидаги қийинчиликлар сабабли шундай қарорга келинди. Ҳудудий бўлинмалар ҳам онлайн форматга ўтмоқда.
Шунингдек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати иш соатларини, айниқса, очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун қисқартириш мақсадга мувофиқ. Имкон қадар ходимлар учун иссиқ ичимликлар ташкил қилиш, совуққотиш ҳолатларининг олдини олиш учун танаффус бериш ёки ўрин алмаштириш ҳам фойдадан холи бўлмаслигини таъкидлаган.
“Қолаверса, йирик савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида иссиқ чой беришни ташкил қилиш ўринли бўлади. Сабаби, жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш керак. Чунки ноқулай об-ҳавода йўлларда енгил автомобиллар сони кескин камаяди. Муҳими, беъетибор бўлмайлик, қишнинг совуқ кунларида илиқлик улашиб, бир-биримизга ёрдам берайлик”, дейди ҳаракат.
“Асосийси, Маҳаллангиздаги ёлғиз кекса қўшнилар, кўп болали оилалар, фарзандини ёлғиз тарбиялаётган оналардан хабар олинг. Улардан иситиш тизими, электр, газ борлигини сўранг? Балки кимгадир ўтин ёки кўмир керакдир? Иссиқ кийимлари йўқдир. Ўзингизда борини улар билан ҳам бўлишинг. Шахсий автомобилда ҳаракатланганда ҳам бир манзилга бирувчи йўловчиларни олиб кетинг”, дейилган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билдирган муносабатда.
Шарҳлар