Кўп йиллик чинорларни кесган фуқаролар озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинди

Фото: xabar uz

Тошкент вилоятида чинорларни кейинчалик сотиш мақсадида кесиб ташлаган беш нафар фуқарога нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, дея хабар беради пойтахт вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши департаментининг матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг 5 декабрь куни Ўртачирчиқ туманида жойлашган “Маъруфхон” фермер хўжалиги ҳудудидаги беш нафар фуқаро беш нафар кўп йиллик чинорни кесиб ташлаган.

Улар дарахтларни арралаб, Тошкент шаҳридаги “Тахта Бозори”да сотиш ниятида “КамАЗ” автомашинасига ортишган, бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 247 миллион 180 минг сўмни ташкил этди.

Кейинчалик ҳуқуқбузарлар устидан суд мажлиси бўлиб ўтди, унинг ҳукмига кўра, ноқонуний дарахт кесиш ташкилотчиси  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми . (Ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш, катта зарар етказиш) бўйича айбдор деб топилди ва икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унинг тўрт нафар шериги ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.