Кўприкдаги ёриқлар сабабли “Тошкент-Термиз” автотрассаси вақтинча ёпилди
Катта юк машиналарининг ҳаракатланиши сабабли Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги кўприкда ёриқлар пайдо бўлган, “Тошкент-Термиз” автотрассаси эса вақтинчалик ёпилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар беради.
1990 йилда қурилган ва 2020 йилда қисман реконструкция қилинган А-373 халқаро автомобиль йўлининг 10 километридаги зовур устидан ўтган кўприкнинг «Тошкент-Жиззах» йўналишидаги қисмида оғир юк машиналари ҳаракатланиши натижасида 5 та оралиқ қурилма балкаларида ёриқ вужудга келган ва бир қисми чўккан.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўприкнинг яримида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланган. Автотранспорт воситалари ҳаракати халқаро аҳамиятдаги М-34 «Тошкент – Душанбе» автомобиль йўлининг 104-152 километрлари ҳамда А-376 «Қўқон – Жиззах» автомобиль йўлининг 219-242 километрлари орқали ташкил қилинмоқда.
Ҳозирда кўприкни тиклаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган.
Шарҳлар