Кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси 200 млн сўм этиб белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан банк тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, уни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун иқтисодий инқирозларнинг салбий оқибатларини минималлаштириш мақсадида кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси (200 млн сўм) белгиланмоқда. Мазкур юқори чегарани белгилашда омонатларнинг амалдаги ҳолати тўлиқ таҳлил қилинди. Хусусан, ушбу миқдор бугунги кунда мамлакатда 99,7 фоиз омонатчиларнинг банклардаги маблағлари тўлиқ кафолатланишини таъминлайди.
Қонун ташаббускорларининг маълум қилишича, кафолатланган омонат миқдорининг чеклангани билан банклар фуқаровий жавобгарликдан озод этилмайди ва улар омонатчилари олдида ўзининг мол-мулки билан жавобгар бўлишади. Бу омонатчилар пул маблағларининг кафолатланган ҳажмдан ошган қисмини ҳам банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эга, дегани.
Йиғилишда ташаббускорлар депутатларнинг эътиборини яна бир муҳим масалага қаратишди. Унга кўра, кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси муайян шахснинг фақат битта банкдаги омонатига татбиқ этилади, яъни ушбу шахс бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларда ўз омонатларига эга бўла туриб, мазкур банкларнинг барчаси тугатилган тақдирда ҳам қонун лойиҳаси билан яратилаётган тизим барча омонатларни бир хилда кафолатлайди.
Шарҳлар