Карманада майнинг-фермалар учун электр-энергиясини талон-тарож қилган амалдорлар ишдан бўшатилди
Ўзбекистон президенти 31 октябрь куни ўтказилган йиғилишда ҳудудлардаги электр-энергиясини талон-тарож қилиш билан боғлиқ вазиятни танқид қилди, дея хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Жорий йилда ҳудудларда 3,5 миллиард киловатт-соат электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқлангани таъкидланди.
Мисол учун, Карманадаги қурилиши якунланмаган бинода 452 та “майнинг” қурилмаси ўрнатилгани оқибатида ўн ой давомида қарийб 5,5 миллион киловатт-соат электрдан ноқонуний фойдаланилган.
Кармана тумани ҳокими, прокурори, департамент бошлиғи, ички ишлар, электр тармоқлари раҳбарлари ўн ойда ҳудудда шунча электрдан ўғирликни пайқамагани, туманда ойлик истеъмол бирданига 5 фоизга ошганини таҳлил қилмагани танқид қилинди.
Ушбу раҳбарларнинг барчаси ишдан олиниши белгиланди, Бош прокуратурага уларнинг ҳаракатига баҳо бериб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Мутасаддиларга ўғирликлар энг юқори бўлган ҳудудларда ноқонуний истеъмолга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Шарҳлар