Келгуси йили Ўзбекистонда еттита электр станцияси барпо этилади
30 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди. Келгуси йилда 170 мегаваттли 7 та, 2023-2024 йилларда 150 мегаваттли 12 та ҳамда 2025-2026 йилларда 420 мегаваттли 2 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Давлат раҳбари тўғон талаб этмайдиган кичик гидростанциялар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бунга хусусий секторни жалб қилиш кераклигини таъкидлади. Бугунги кунда 22 та шундай истиқболли майдон рўйхати шакллантирилган. Уларда қуввати 5 мегаваттгача бўлган мини гидро электр станциялар қуриш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.
Президент Норин, Сўх, Танхоз, Оқ булоқ, Угам каби дарёлар ва каналларда 500 киловаттгача қувватга эга ихчам гидростанциялар ўрнатиш имконияти борлигини қайд этди. Бундай жойлар рўйхати аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилинади.
Бунда қуёш, шамол электр станциялари ўрнатгани учун аҳоли ва тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилган бўлса, кичик гидростанциялар учун ҳам шундай имтиёз ва субсидиялар қўлланилиши белгиланди.
Шарҳлар