Келинни урган куёвга нисбатан маъмурий иш қўзғатилди

Источник: соцсети

Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz» сўровига кўра келин-куёв ўртасида ўтказилган ўйинда куёв ютқазганига чидай олмай, келинчагини урган тўй маросими тафсилотларини маълум қилди, деб ёзади ушбу нашр.

Қўмита маълумотларига кўра, воқеа шу йилнинг 6 июнь куни Р.Х.нинг никоҳ тўйида содир бўлган. Узун туманидаги «Толтўғай» маҳалласида яшовчи Р. Х. (12.09.1997 й. т.) ва А. Д. (08.03.2003 й. т.) ўртасида ўтган никоҳ тўйи куёвнинг уйида бўлган.

Жуфтликнинг дўстлари келин ва куёвга ўралган ҳолда ширинлик бериб, уни ким биринчи бўлиб очиш («Сюрприз» ўйини) ўйинини ўтказган. Унда келин биринчи бўлиб ширинликни очади ва ғалаба қозонади. Бундан ғазабланган куёв унинг бошига бир марта уради. Шундан сўнг тўй давом этиб, ҳеч қандай кўнгилсиз ҳолат содир бўлмаган ва ҳеч қаерга мурожаат қилинмаган.

Узун тумани ИИБ воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб бориб, келин-куёв ҳамда уларнинг ота-оналари билан «профилактик суҳбати» ўтказди, дейилади қўмита хабарида.

«Фуқаро Р. Х.нинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик ҳолати мавжудлиги сабабли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган маълумотлар Жиноят ишлари бўйича Узун туман судига юборилди», — дейилади қўмита хабарида.

Нашрнинг маълумотларига кщра, мазкур шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик — БҲМнинг 3−5 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади) билан маъмурий иш қўзғатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.