Рақобат қўмитаси “КНАУФ ГИПС БУХОРО”ни бозорда устун мавқега эга деб тан олди. Компания расмий баёнот билан чиқди

Фото: Knauf

“КНАУФ ГИПС БУХОРО“ МЧЖ ХК бозордаги улуши 40 фоиздан ортиқни ташкил этганлиги муносабати билан устун мавқега эга деб эътироф этилганига жавобан расмий мурожаат эълон қилди. Ушбу қарор Рақобатни ривожлантириш қўмитаси томонидан қабул қилинган эди.

“КНАУФ ГИПС БУХОРО“ бош директори Дерипалко Дмитирий ушбу қарор бўйича расмий баёнот билан чиқди:

“Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “КНАУФ ГИПС БУХОРО“ МЧЖ ХК компаниясининг Ўзбекистондаги ҳукмрон мавқеини тан олгани ҳақидаги сўнгги янгиликлардан келиб чиқиб, ушбу қарорга изоҳ беришни ўринли деб ҳисоблаймиз.

Аввало шуни таъкидлашни истардикки, афсуски, Қўмитанинг ушбу қарори ҳақида ҳамма қатори биз ҳам оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар туфайли билиб олдик. Амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларини ҳисобга олган ҳолда Қўмита компанияни унинг товар ёки молия бозорида устунлик мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар реестрига киритилганлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт.

Қўмитадан расмий хабарни негадир ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан кейин олдик. Бундан ташқари, устунлик мавқенинг мавжудлиги товар ёки молия бозорининг чегараларини белгилаш, бир-бирини алмаштирадиган товарлар ёки молиявий хизматларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг бозор улушини аниқлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши керак.

Товар ёки молия бозорининг чегаралари деганда товарлар ёки молиявий хизматларнинг, шу жумладан бир-бирини алмаштирувчи товарларнинг Ўзбекистон ҳудудида ёки унинг бир қисмида, ушбу маҳсулотни сотиб олиш имконияти мавжуд бўлган чегаралари тушунилади. Хизматларни кўрсатиш учун ҳам қонун билан худди шундай шартлар назарда тутилган. Бозор чегараларини аниқ белгилаш рақобатни таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектлар ҳолатини баҳолаш ва иқтисодий рақобат соҳасида меъёрий қарорлар қабул қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.

Қарор қабул қилишда бир-бирини алмаштирадиган ва шунга ўхшаш ўринбосар материаллар бозори таҳлил қилинганлиги бизга шубҳали кўринади, шунинг учун маҳсулотларни таҳлил қилиш учун қандай тизимли маълумотномалар ишлатилганлигини билишга истагимиз бор.

Товар айланмаси чегараларига келсак, биз бозорнинг барча иштирокчилари, жумладан, яширин иқтисодиёт иштирокчилари қаторига кирганлар ҳам ҳисобга олинмаган деган гумонимиз бор.

Юқоридаги барча саволлар ва бўшлиқлар қўшимча равишда аниқланиши керак.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, КНАУФ 25 йилдан буён Ўзбекистоннинг ҳамкори ҳисобланади. Компания Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилардан бири бўлиб, республика бўйлаб иш ўринларини яратишга катта иқтисодий ҳисса қўшган. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хорижий сармояларни жалб қилишда Ўзбекистоннинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган эмас”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.