Ўзбекистонда беморлар тез ёрдам “колл-марказ”ларида шифокор маслаҳатини олиши мумкин бўлади
Президент Шавкат Мирзиёев 21 май куни Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тез тиббий ёрдам тизими таҳлил қилинар экан, асосий муаммо мурожаатларни касалликнинг оғирлигига қараб сараламаслик билан боғлиқ экани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис тез ёрдам “колл-марказ”ларида беморларга шифокор маслаҳати ҳам йўлга қўйилиши белгиланди. Бу йил Тошкент шаҳрида, келаси йили бошқа ҳудудларда парамедик ва педиатрик бригадалар ташкил қилиниши айтилди. Тизим ходимлари тиббий маслаҳат шифокори, чақирувни саралаш оператори, фельдшер-парамедик йўналишида қайта тайёрланади.
Тақдимотда дориларга ҳақиқий эҳтиёжни шакллантириш, уларни харид қилиш ва жойларга ўз вақтида етказиб бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини ҳамда харид жараёнини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Шарҳлар