Комил Алламжонов: «No Photo No Video» муаммоси мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидан аллақачон йўқотилиши керак эди
BBC журналисти Аваз Тоҳиров, унга Мустақиллик майдони ва “Янги Ўзбекистон” боғида суратга туширишга рухсат бермаганлари ҳақида пост ёзган. Бу ҳақда президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов маълум қилади.
«»No Photo No Video» муаммоси- мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидан аллақачон йўқотилиши керак эди, аммо у қайта ва яна қайта юзага келмоқда. Суратга олиш тақиқланишини тартибга солувчи бирор бир ҳужжат йўқ. 2018 йилда ИИВ томонидан ВМҚ-“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жамоат жойларини, бино ва иншоотларни суратга олиш ва видеотасвирга тушириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги лойиҳа тайёрланиб, муҳокама учун эълон қилинган, аммо қабул қилинмаганлигича қолиб кетган эди», – деб ёзади Алламжонов.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг очиқлик сиёсатига зид бўлган, айрим ўзбошимчалик билан жорий қилинган тақиқлар жамиятга зарар келтириши муқаррар.
«Агар Вазирлар Маҳкамасининг суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори бўлмаса, барча идоралар ходимларига, бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида кўрсатма берилиши керак. Бутун дунёда, агар тақиқ бўлмаса, демак рухсат берилганлиги назарда тутилади. Қонун билан суратга олиш тақиқланган объектлар рўйхати мавжуд. Қолган ҳамма жойларда – фотографлар, сайёҳлар учун ҳам, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам, тўлиқ эркинлик таъминланиши зарур», – дея хулоса қилади у.
Шарҳлар