Конституцияга ўзгаришлар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси якунланди
1 август куни соат 00.00 да Ўзбекистонда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳаси бўйича таклифлар қабул қилиш тўхтатилди. Бу ҳақда мамлакат Асосий қонунини ислоҳ қилиш бўйича конституциявий комиссияда маълум қилинди, деб ёзади “Фергана” нашри.
«Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари халқимиздан келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради», — дея қўшимча қилди комиссия.
Комиссияга кўра, 30 июлга қадар турли алоқа каналлари орқали 117 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган.
Конституциявий ислоҳот тўғрисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 ноябрь куни бўлиб ўтган инаугурация маросимида маълум қилган эди. Май ойида Конституциявий комиссия тузилиб, унинг асосий вазифаси Асосий қонунни ўзгартириш бўйича аҳолидан таклифлар йиғишдан иборат бўлди. Унга парламент вице-спикери, 1996 йилдан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга раҳбарлик қилиб келаётган Акмал Саидов раҳбарлик қилди.
Орадан бир ой ўтиб, 22 июнь куни комиссия ўзгартиришлардан иборат лойиҳа парламентга киритилганини маълум қилди. Унда Асосий қонуннинг 66 моддасини қамраб олган 170 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани маълум қилинди. Парламент Қонунчилик палатаси депутатлари қонун лойиҳасини биринчи ўқишда – бир овоздан қабул қилдилар.
25 июнь куни лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу ҳақда хабар берган парламент «лойиҳада Асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш, шунингдек, 16 та янги нормани киритувчи 6 та янги моддани киритиш кўзда тутилгани»ни таъкидлади. Тузатишлар ой давомида Конституциявий комиссияга тақдим этилган 60 мингдан ортиқ таклифлар орасидан танлаб олинди.
Президентлик муддатини беш йилдан етти йилга ўзгартириш ва Қорақалпоғистон Республикасини суверенитетдан маҳрум этиш энг муҳим ўзгартиришлар қаторида бўлди. Суверен республикага доир таклиф этилган ўзгартиришлар қорақалпоқ жамоатчилигини ғазаблантирди. Июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган норозилик митинглари тартибсизликларга айланиб кетди. Натижада, расмий маълумотларга кўра, 18 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар яраланган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этди ва Конституциянинг республиканинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ моддалари ўзгаришсиз қолишини билдирди. Фавқулодда ҳолат 21 июль куни бекор қилинди.
Парламент қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси муддатини 15 июлга қадар узайтириш қарорини маълум қилди, кейин у 1 августга қадар узайтирилди.
Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. У бир неча марта ўзгартирилган. Жумладан, президентлик муддати етти йилдан беш йилга қисқартирилди, авваллари давлат раҳбари эгаллаган Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозими бекор қилинди, Бош вазир лавозими таъсис этилди. Янги ўзгартиришлар лойиҳаси жорий йил охирида референдум йўли билан қабул қилиниши режалаштирилган.
Шарҳлар