Контрабанда ва контрафакт: Сохта маҳсулотнинг истеъмолчи учун хавфлилиги нимада

Фото: Инфографика / Anhor.uz

Биз ички истеъмол бозорида кўпинча озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё, қурилиш материаллари, косметика, тамаки, спиртли ичимликлар ҳамда дори-дармон каби маҳсулотларга осон тақлид қилинган ҳолда  қалбакилаштирилган ҳолатда сотилаётган маҳсулотларни кўп учратамиз. Ташқи кўринишидан асл  ва қалбаки маҳсулотлар ўртасидаги фарқ унчалик билинмайди. Истеъмолчилар эса унинг таркиби, ишлаб чиқариш технологияси бузилганини сезмайдилар ва сохта  маҳсулотларнинг арзон нархлари  уларни ўзига жалб қилади. Қалбаки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш нафақат асл ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузади, балки истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солади.

Мамлакатимизга акциз солиғига тортилиши даркор бўлган муҳим товарлар контрабанда йўллари орқали импорт қилинмоқда ва контрафакт маҳсулотлари кириб келиши ҳанузгача давом этаётган ҳолатлар кам эмас.  Боз устига, божхонада расмийлаштирилмаган ва, демак, сифати кафолатланмаган қатор маҳсулотлар ва сигаретларнинг нафақат иқтисодиётга келтираётган зарари, балки  инсон соғлиги учун хавфи анчагина юқори.

Божхона органлари тамаки ва қатор маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган тезкор тадбирларни мунтазам амалга ошириб келишмоқда. Шунга қарамай, бозорларимизда рақамли маркаланмаган товарлар кўпаймоқда ва улар қайси йўллар орқали кириб келаётганлиги жамоатчиликни қизиқтирмоқда.

Рақамли маркировкалаш ўзи нимани англатади?

2020 йилнинг 31 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори талаблари асосида ишлаб чиқилди.
Унга асосан қуйидагилар тасдиқланган ва булар рақамли маркировкалаш нима эканлигини кўрсатади:
– Маҳсулотларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш ва уларнинг айланмасини кузатиб бориш қоидалари;
– “Asl belgisi” маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига техник хизмат кўрсатиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом;
– Алкоголь маҳсулотларини рақамли идентификация воситалари билан маркировкалаш хусусиятлари тўғрисидаги низом.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур қарор билан тасдиқланган қоидалар ҳамда низомлар талабларига риоя этилишини назорат қилиб бориш вазифаси Давлат солиқ қўмитаси зиммасига юклатилди.
Мажбурий маркировкаланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга маркировка кодларини тақдим этиш юзасидан хизматлар кўрсатиш учун ягона тўлов (тариф) миқдори қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмасдан 1 код учун 68 сўм миқдорида белгиланди.

Божхона органлари томонидан берилган хабарга кўра, 2023 йилда ўткан йилнинг шу даврига нисбатан аниқланган холатлар сони 383 тани ташкил қилиб, қиймати 36,9 млрд. сўмлик 2 млн. 173 минг 128 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган. 90 дан ортиқ иш маъмурий судларда кўриб чиқилмоқда.

Ҳусан Тангриев – Божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош инспектори

“Ўтган 2022 йилнинг январидан то март ойи бошига қадар Ўзбекистон божхона органлари томонидан ушлаб қолинган жами 4,9 миллиард сўмлик 514 минг қути сигарет мусодара қилинган. 119 та контрабанда ҳолати бўйича 44 та жиноят иши қўзғатилган, 136 та иш маъмурий судда кўрилган, 11 та ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари амалга оширилган”, – дейди Божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош инспектори Ҳусан Тангриев.

Бугун Ўзбекистон қонунчилигида контрафакт олиб кирганлар учун қандай жазо чоралар мавжуд ва нега, ханузгача оддий аҳоли вакиллари сифати кафолатланмаган маҳсулотлардан азият чекиб, зарар кўрмоғи лозим. Бу борада ҳуқуқ ҳимоячиларимиз фикрлари билан қизиқдик.

Гувоҳ бўлганимиздек, бу жараёнларнинг олдини олишга қаратилган ваколатли органлар кам эмас, аммо бозорда контрафакт маҳсулотлар  камаймаяпти. Афсуски, амалдаги қонунчиликда Ўзбекистонда контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш учун самарали реал механизмлар мавжуд эмас.

Бугунги ҳолатда ваколатли органлар фақат манфаатдор шахсларнинг аризаси келиб тушганда ҳаракат қилади, холос.

Инсофли ишлаб чиқарувчилар бозорни мустақил равишда мониторинг қилишга, қонунбузарларни аниқлашга, таҳлил учун маҳсулотни сотиб олишга, сотиш ва ишлаб чиқариш жойларининг манзилларини ўзлари аниқлашга, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифасига кирадиган тезкор-қидирув ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида турли ноҳуш ҳолатларни вужудга келишига олиб келмоқда.

Давлат солиқ инспекцияси, божхона, прокуратура органлари Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси бу муаммога жиддий эътибор қаратмасалар ҳолат кундан кунга оғирлашиб бориши аниқ.

Anhor.uz яна ушбу мавзуга қайтади ва ўз ўрганишларини давом эттиради.

Бобур Каримов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.