Коррупция: Зангиотада солиқ инспекцияси ходими пора билан ушланди

Foto: Ochiq manba

Тошкент вилояти, Зангиота туман солиқ инспекциясининг шоъба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси тақиқланган товарларни тадбиркор томонидан мамлакатимизга олиб кириш бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликни судда кўриб чиқилиши жараёнида мансабдор танишлари орқали унга енгиллик яратиб бериш ва ушбу товарларни Ўзбекистондан қайтариб олиб чиқиб кетишида ёрдам бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди. Терговга қадар текширув давомида божхона инспектори мазкур масалада кўмаклашиш учун муқаддам 300 АҚШ доллари олганлиги ҳам маълум бўлди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.