Bo'limsiz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бизнесларда улуши бор амалдорларнинг рўйхатини эълон қилди

Источник: unsplash.com

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бир қатор давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқлангани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Газета» нашри ёзади.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, давлат хизматчиси тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиши, уларнинг таъсисчиси (иштирокчиси) бўлиши, жамиятда ташкилий, бошқарув ва маъмурий функцияларни бажариши мумкин эмас.

Бундан ташқари, давлат хизматчиларининг ахлоқий намунавий хатти-ҳаракат қоидаларига кўра, улар тадбиркорлик ёки бошқа ҳақ тўланадиган фаолият (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) билан шуғулланмаслиги керак.

Шунга қарамай, мазкур соҳада қонунбузарлик ҳолатлари сақланиб қолмоқда, дея таъкидлайди агентлик.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 6 нафар мансабдор шахс, хусусан, 3 нафар ҳоким, 1 нафар агентлик раҳбари, 1 нафар унитар корхона раҳбари ва 1 нафар қўмита раҳбари тадбиркорлик субъектларининг таъсисчилари эканлигини аниқлади. Хусусан:

  • Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Садиков — «Total Oil» МЧЖ (мотор ёнилғисини сотиш бўйича ихтисослашган дўконларда чакана савдо, 2020 йил октябрида рўйхатга олинган). Айни пайтда таъсисчилар – Абдулфоих Абдушукурович Садиков (92,9%) ва Дильфуза Равшанбековна Садикова (7,1%).
  • «Ахборотлаштириш Бош маркази» давлат унитар корхонаси раҳбари Дилшод Сариходжаев — «Musammo» МЧЖ (нотурар жой бинолар ижараси ва уларни бошқариш, 1995 йил декабрида ташкил қилинган).
  • Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Санобархон Носирова — «Sabina Issiq Nonlari 777» МЧЖ (нон, ён-қандолатчилик маҳсулотлари, тортлар ва пирожнийлар ишлаб чиқариш) ва «Ko‘mir Sanoati» МЧЖ (ихтисослашмаган улгуржи савдо, 2021 йил 25 мартда рўйхатга олинган). Айни пайтда унинг улушлари Лочинбек Носиров Дилшод ўғли ва Акмал Талипович Марипжоновга ўтган.
  • Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокими Улуғбек Файзиев — «Zarafshan Golden Group» ва «Zarafshon Grand Invest» МЧЖлар, «G‘ani Bobo Chorvasi» фермер хўжалиги.
  • Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов — «Sanico Group» МЧЖ (тош кесиш, ишлов бериш ва пардозлаш, 2014 йил январида рўйхатдан ўтган) ва «Uv-Maks» МЧЖ (лок-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш, 2017 йил январида рўйхатдан ўтган);
  • Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раҳбари Баҳром Шарипов (яқинда Kun.uz нашри ва журналистига қарши судга даъво аризасини тақдим этган, сўнгра уни қайтариб олган) — «Karomat Oyijon-Surxon» фермер хўжалиги.

Аниқланган ҳолатлар бўйича мазкур давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, уларнинг юқори турувчи идораларига fгентлик томонидан тегишли тақдимномалар киритилиб, юқоридаги манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига барҳам берилиши (мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектларидаги фаолияти тугатилиши) чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.