Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбари олган совғаларининг қийматини ошкор қилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Акмал Бурхонов олган совғалар рўйхатини эълон қилди. Агентлик раҳбарига тақдим этилган эсдалик совғалари ва картиналарнинг қиймати 14,57 миллион сўмга баҳоланмоқда.
Акмал Бурхоновнинг энг қиммат совғаси Мисрдан олиб келинган қора қути солинган ёғоч тагликдаги металл ҳайкалча бўлди — унинг нархи 3,2 миллион сўмга баҳоланмоқда. Агентлик раҳбарининг энг бюджетли совғаси Афғонистондан олиб келинган 1,3 миллион сўмлик сопол кўза бўлди.
Аввалроқ мансабдор шахсларга қиймати 1,2 миллион сўмдан ортиқ бўлган совғани олиш тақиқланган эди. Қиймати ошиб кетган тақдирда ҳадя молия-хўжалик бўлинмаси томонидан давлат органининг балансига киритилади ва давлат органининг эҳтиёжлари учун фойдаланилади.
Агар совғанинг қиймати 4 та базавий ҳисоб миқдоридан (1,2 миллион сўм) кам бўлса, у ходимнинг ихтиёрида қолади. Агар қиймат 4 БҲМ дан ошса, у давлат органининг балансига ўтказилади ва давлат органининг эҳтиёжлари учун ишлатилиши мумкин.
Шарҳлар