Кучли таъсир қилувчи дори воситалари қўлга олинди

Фото: Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Ф.У. ва Т.У. ўзаро тил бириктириб, фуқаро А.А.га 34 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 3 млн сўмга сотган вақтларида ушланиб, улардан жами 43 дона ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар беряпти.

«Шу каби, Департаментнинг Янгиҳаёт тумани бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-тадбирда, фуқаролар Н.У. ва Р.Р. фуқарога 9 дона “Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 4,2 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фуқаро С.Х.нинг ёнидан 1 дона пакетда ўткир ҳидли кукунсимон модда, 25 дона “Зардекс” ва 5 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган», – дейилади хабарда.

Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “S.A.” МЧЖ дорихонаси сотувчиси С.Б. фуқаро А.Ф.га 39 дона “Gabaten” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз сотган вақтида ушланиб, сотиш мақсадида сақланиб келинган 50 дона ушбу дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича юборилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.