Култепа археологик ёдгорлигининг тупроғидан ғишт тайёрлаш учун фойдаланилган
Тошкент вилоятидаги Тепа (Култепа) археологик ёрдгорлигининг тупроғидан ғишт тайёрлаш учун фойдаланилган. Зарар 1 трлн 587 млрд 600 млн сўмни ташкил қилган, деб ёзади “Фергана” нашри Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш агентлигига таянган ҳолда.
Ёдгорлик Паркент туманининг “Истиқбол” хўжалигида жойлашган. 2019 йилда у Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий Рўйхатига киритилган (№626). Рўйхатда ёдгорликнинг пайдо бўлиш даври аниқланмагани кўрсатилган. Бироқ 2021 йили бу ерда қазилма ишларини олиб борган мустахассислар объект эрамизнинг I-IV асрларига мансублигини ва кўчманчилар қабристонидан иборат эканини аниқлаган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълумотларига кўра, Тошкент вилояти, Паркент тумани, “Истиқбол” МФЙдаги “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудуди Паркент тумани ҳокими Ниғмат Мухамедов томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали “U.Q.B” МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилган. “U.Q.B” МЧЖ раҳбарлари 2020 йилда қонунчилик талабларига зид равишда ушбу археология иншоотини тадбиркор “U.M.P.” МЧЖга сотиб юборган. Ушбу тадбиркорлик субъекти ҳам ўз навбатида, бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Мазкур цех учун хом-ашё, яъни тупроқ маҳсулотини етказиб бериш мажбуриятини “U.Q.B” МЧЖ ўз зиммасига олган. Тупроқ эса, ушбу археология иншооти ҳудудидан қазиб олинган. Оқибатда, бу тарихий иншоотга катта миқдорда зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган. Натижада, 2021 йил декабрь ойида Тошкент вилоят прокуратураси томонидан “U.M.P.” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 32-моддаси 2-қисми, 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказиб келинмоқда.
Шарҳлар