Маҳалла вакиллари зўравонлик қурбонлари ва ҳаракатларини аниқлаш билан шуғулланадиган бўлди
Фуқаролар йиғинига – хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд бундай ишларга мойил бўлган шахсларни аниқлашда, ушбу шахслар билан олиб бориладиган профилактика ишларида иштирок этиш ваколати берилди. Президент “Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади.
Фуқаролар йиғини раисига тазйиқ ва зўравонликка учраган ҳамда бу ҳақда мурожаат қилган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни белгилаш, мазкур фактлар тўғрисида тегишли аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига ҳамда ички ишлар органларига зудлик билан хабар бериш ваколати тақдим этилди.
Меҳнат органлари оилавий муаммоларга ва зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касбга йўналтиришга кўмаклашади. Соғлиқни сақлаш органлари томонидан эса тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ва уларнинг болаларига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни бепул даволаш чоралари кўрилади.
Шарҳлар