Маҳаллий маҳсулотни биржага қўйиш процедураси соддалаштирилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 май куни товар-хомашё биржасида савдоларни ва унда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлат раҳбари маҳаллий маҳсулотларни биржага қўйишда туманларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Мисол учун, 1 июлдан 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотиш йўлга қўйилади. Йиғилишда бу жараённи ташкил этиш, фермер ва юк ташувчиларни рўйхатдан ўтказиб, уларга қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Жумладан, фермерлар буғдойни биржага қўйганда, улардан гаров талаб этилмайди. Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Фермерга тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини биржа кафолатлайди.
Маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартиби соддалаштириладиган бўлди. Жумладан, 1 июлдан биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини ортиқча ҳужжатларсиз сотиши йўлга қўйилади. Энг яхши сотилган товарлар, кейинчалик, биржанинг асосий савдо майдонларига жойлаштирилади. Тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда, бир вақтнинг ўзида, биржада ҳам ҳисобга олиш тартиби жорий этилади.
Яна бир қулайлиги – маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 бараварга қисқартирилади. Солиқ назоратида тадбиркорларнинг биржа орқали сотган ёки харид қилган товарлари бўйича қўшимча ўрганишлар ўтказилмайди.
Бундай имкониятлардан фойдаланиб, биржадаги товар айланмасини 2 бараварга ошириш мумкинлиги таъкидланди. Хусусан, кимё, нефть-газ, металлургия, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатидаги улкан захиралар кўрсатиб ўтилди.
Шарҳлар