Маданият вазирининг ўринбосари вазирлик фаолиятини муҳокама қилмасликка чақирди

Баходир Ахмедов и Даврон Шералиев. Фото: Скрин видео

«Ўзбекконцерт» давлат муассасасида 24 февраль куни «санъат аҳлининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муассасанинг 2022 йил сарҳисоби ва 2023 йил режалари ҳамда „Контрафактсиз ой“ ойлигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида амалга ошириладиган ишлар» муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов олиб борган, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

Йиғилиш хонанда Каниза Аҳмедова иштирокидаги тадбирларда олинган видеолавҳалар тарқалиб, унинг кийими ва хатти-ҳаракатлари тармоқда қизғин муҳокама қилинаётган бир вақтда ўтказилган. Айнан шу йиғилишда Каниза Аҳмедовани лицензиядан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор «бир овоздан» қабул қилинган. Хонанданинг ўзи «шамоллаб ётгани учун мажлисга боролмагани»ни айтиб, унинг устидан чиқарилган қарорни қоралаган ва соғайгач, маданият вазирининг «саройи»га боришини таъкидлаган.

Йиғилишда Маданият вазирлиги раҳбарининг ўринбосари айрим санъаткорларни «маданиятсизликда» айблади.

«Мозорга кирганда ҳам, лаҳаднинг олдида ҳам сигарет чекиб, ерга ташлаймиз. Биттамиз туриб, „оғайни, бу ерда замонавий гапни гапиришга ҳам ҳаққинг йўқ“, — деган гапни ҳам гапиролмаймиз-ку. Лекин сиёсат оламию бошқа нарсага келган пайт ҳаммаёқ пилдир-пилдир. Агар зўр бўлсангиз, кўчага чиқинг — кўчани қаранг, баклажкани қаранг. Онамиз тенгилар сариқ кийим кийволиб, ўша ерларни тозалайди, совуқда, ҳамма қаҳратон қишда, -23 ҳароратда ўтирганида ўшалар кўчада қор кураб юрди. Ҳақиқат-ку бу», — деди у артистларга юзланиб.

Вазир ўринбосари айрим санъаткорлар «рамка»дан чиқиб кетаётганини таъкидлаган.

«Яна ақллилик қиляпти деманглар-у, лекин (қўли билан томоғини кўрсатиб, „жонга тегяпти“ маъносида) мана бу ерга келяпти. Кекирдагини чўзади — қаергача борасан? Нима қиласан? Мана, телевидениенг ҳам оляпти, бошқа нарсанг ҳам оляпти — рамкада юриш керак озгина, озгина ёнга кириш керак», — дейди у.

Баҳодир Аҳмедов хонандаларни менталитетга мос бўлган қўшиқлар яратишга даъват қилган.

«Эски-эски қўшиқларни олиб чиқяпти. Ижод бўлмаганидан кейин нима қилиш керак? Шоир йўқми? «Почка»лаб китоб чиқариб, «почка»лаб шеър ёзиб ётибди. Навоий ғазалларини беркитиб қўйганмизми? Кутубхона тўлиб ётибди. Бобур ғазалларини ёпиб қўйганмизми? Кутубхона тўлиб ётибди. Ол қўлингдан келса, ижод қил», — дейди у.

«Сўзининг мантиғи йўқ қўшиқларни айтасан, яна ақллилик қиласан. Саҳнага чиқиб, яланғоч гапларни гапирасан, яна бировни рўкач қиласан, „қани бу нарса, қани у нарса“, деб. Менталитетга мос ва хос бўлган, миллатнинг ҳурматини жойига қўядиган, ота-оналар маза қилиб кўрадиган, эъзозлайдиган санъатни олиб чиқ. Етиб келолмаяпмизми ўшанга? Вақт ҳам йўқ шу нарсага» — қайд этади вазир ўринбосари.

Баҳодир Аҳмедов санъаткорларнинг Умра зиёратига бориб, у ерда суратларга тушиб, ўзини кўз-кўз қилишини танқид қилди.

«Жамият ўзини тушуниб, ўзлигини англамагунча Маданият вазирлигининг, Озодбек Назарбековнинг олдидаги 140 киши билан ҳамма нарсага ҳам қурби етмайди. Ўзингни англа дегани — аввал жамият ўзини англаш керак, одам ўзини англаш керак», — дейди у.

Вазир ўринбосари маданият соҳасига оид муассасалар раҳбарларининг тайинланишидан норози ижодкорлар ҳақида ҳам тўхталиб, раҳбарликка номзодларнинг салоҳиятини шубҳа остига қўяётганларни манманликда айблади.

Баҳодир Аҳмедов Маданият ва туризм вазирлиги ишини муҳокама қилмасликни талаб қилди.

«Вазирликни «обсуждат» қилишни йиғиштиринглар. Ўша вазир [Озодбек Назарбеков]нинг ҳам кўзи учиб турган жойи йўқ [эди]. Ҳозир «Халқлар дўстлиги»да 20 кун концерт қўяман, деса, 4 та жойда афиша илса, рекламасини қилса, 20 кун концерти тўлади», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, вазир Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва бошқа мамлакатларда концертлар бериб, яхшигина пул топиши мумкин эди.

«Йўқ, юртбоши айтдими, шу жойда ўтирасан, шу аравани тортасан, дедими… у ҳам тинаётгани йўқ. Мен [вазирликни бошқараётган] пайтда келганди. Мен ҳозир унинг қўлида ишлаяпман. Лекин у ҳам тинаётгани йўқ», — дейди вазир ўринбосари.

 «Солист вақтлари ҳар ой икки марта чет элга чиқиб келарди, маблағи ҳам етарди, эркин қуш эди… Битта гапини ушлаб олиб, ҳар хил ғийбат, фисқу фасод… Ким „ошибка“ қилмайди? Қолганлар тилладанми? Ҳамма „ошибка“ қилади, ҳамма камчилик қилади. Қайсидир сўзда, қайсидир жойда нотўғри гапларни ишлатиб қўйиши мумкин. Ушлаволиб, одамнинг устидан мағзава тўкиш керакмас. Шерик ҳам бўлиш керак эмас», — дея қўшимча қилди у.

Маданият вазирлиги раҳбари ўринбосарининг айтишича, унинг «Ўзбекконцерт» раҳбари Даврон Шералиевга берган кўрсатмалари санъаткорларга нисбатан “цензура эмаслигини” билдирди.

Шундан сўнг, Даврон Шералиев хонанданинг “тарқалган видеолари” учун Канизага (Шаҳризода Аҳмедова) берилган лицензия бекор қилингани ҳақида маълум қилган ва бу жамоатчиликнинг “асосли эътирозларига” сабаб бўлган.

«Йиғилиш хонанда Каниза Аҳмедова иштирокидаги тадбирларда олинган видеолавҳалар тарқалиб, унинг кийими ва хатти-ҳаракатлари тармоқда қизғин муҳокама қилинаётган бир вақтда ўтказилган. Айнан шу йиғилишда Каниза Аҳмедовани лицензиядан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор «бир овоздан» қабул қилинган. Хонанданинг ўзи «шамоллаб ётгани учун мажлисга боролмагани»ни айтиб, унинг устидан чиқарилган қарорни қоралаган ва соғайгач, маданият вазирининг «саройи»га боришини таъкидлаган», —деди “Ўзбекконцерт” раҳбари.

Баҳодир Аҳмедов (1973 йилда туғилган) турли йилларда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси (ҳозирги «Ўзбекконцерт») бош директори, маданият ва спорт ишлари вазири, шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавият масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.