Маданият вазирлиги корхоналарда миллий қўшиқлар ва мақом эшиттиришни таклиф этмоқда
Маданият ва туризм вазирлиги томонидан «Ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг иш вақти ва дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш ҳамда маданий савиясини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тақдим этилди. Ҳужжатнинг таҳлилий қисмида айтилишича, у президентнинг 3 февраль куни Наманган вилоятига ташрифи якунлари бўйича шаклланган топшириқлар асосида ишлаб чиқилган. Бунга «Газета.uz» нашри эътибор қаратади.
Ҳужжатда мамлакатнинг ишлаб чиқариш корхоналарида иш куни бошланиши ва тугаши пайтида миллий куй ва қўшиқлар, шу жумладан, мақомнинг эшитилиб туришини жорий этиш тавсия этилган. Лойиҳага Маданият ва туризм вазирлиги томонидан тавсия этилган 211 та асар рўйхати, муаллифлик ҳуқуқига риоя қилган ҳолда мусиқа альбомини тайёрлаш таклифи илова қилинган.
Ташаббус маслаҳат характерига эга бўлишига қарамай, ишлаб чиқариш корхоналарида иш кунининг бошида ва охирида миллий куй ва қўшиқларини, жумладан, мақомларни эшиттиришни ташкил этиш бўйича ҳокимликларга кўрсатма бериш режалаштирилган. Агар керак бўлса, улар корхоналарга радиоузеллар ташкил этишга ёрдам беришлари керак. Ҳар ойда саноат корхоналари ҳудудларида бахши, мақом ва аския ижрочилари иштирокида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлар дастурларини тайёрлаш Маданият ва туризм вазирлигининг бошқармаларига юклатилиши белгиланган.
Шарҳлар