«Махсустранс» давлат-хусусий шериклиги асосида трансформация қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Тошкент шаҳридаги “Махсустранс” корхонаси трансформация қилиниб, унинг негизида давлат-хусусий шериклик корхонаси ташкил этилади. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, маиший чиқиндиларга тўлов ундиришнинг янги тизими йўлга қўйилади.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати қайд этишича, деярли барча давлатларда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бормоқда. Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ўсиш ҳисобига бу кўрсаткич 7 миллион тоннага етиб, йилига 2 фоиздан ўсмоқда.
Лекин уларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмас. Мисол учун, Қорақалпоғистонда 10 фоиз, Фарғона ва Қашқадарёда 20 фоиз чиқинди қайта ишланади, холос. 781 та маҳаллада чиқиндиларни олиб чиқиш масаласи ҳал этилмаган. Аҳолининг бу соҳадаги хизматлар бўйича дебитор қарздорлиги ҳам кўп. Тиббиёт ва таълим муассасалари, бозорлар учун 19 минг дона чиқинди контейнерларига эҳтиёж бор.
Қурилиш чиқиндиси полигонлари ташкил қилинмай, улар йўл, дала ёки дарё бўйларига ташлаб кетилмоқда. Ўтган йили 4 мингта ҳолатда қурилиш чиқиндилари нотўғри жойга ташлаб кетилгани аниқланган.
Худди шу каби, маҳалла, массив ва хиёбонлар ҳудудидаги барг ва дарахт шохларини йиғиштириш билан шуғулланадиган мутасадди йўқ. Бу масалани ҳамма бир-бирига ташлаш билан овора. Тиббиёт чиқиндиларини сақлаш, ташиш ва зарарсизлантириш бўйича ҳам ягона тизим мавжуд эмас.
Умуман, мамлакатдаги 197 та чиқинди полигонининг бирортаси санитария ва экология талабларига жавоб бермайди, 24 таси тўлиб бўлган. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимларига чиқинди полигонларини тартибга келтириш, ресурсини ўтаб бўлганларини кўмиш бўйича топшириқ берилди. Бундай полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифаси қўйилар экан, бунинг учун имконият ҳам яратилди. Хусусан, энди импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йил муддатга озод этилади. Саралаш ва қайта ишлаш техникалари хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилади. Бу ишлар учун халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағлари ҳисобидан 5 йил муддатга босқичма-босқич 500 миллиард сўм кредит ажратилади.
Бу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги айтилди. Қайта ишлаш қуввати бор кластерларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланди. Бунинг эвазига уларга ўз ҳудудидаги чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини камида 40 фоизга олиб чиқиш талаби қўйилди. Туман ва шаҳарларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай корхоналар ташкил этиш, ҳудудлар учун 500 та махсус транспорт олиб келиш, ижтимоий муассасалар ва бозорларга қўшимча контейнерлар ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди.
Шарҳлар