Андижонда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директори 34 млн сўм жаримага тортилди
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби ўқитувчи-педагоглари мажбурий меҳнатга жалб қилингани бўйича тарқалган хабарлар юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги расмий муносабат эълон қилди.
Ушбу ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилган. Мактаб директори ўз кўрсатмасида, таълим муассасасида қурилиш ишлари олиб борилгани, шу сабабли қурилишдан чиққан чиқиндиларни тозалаш ишларига 30 га яқин ўқитувчи-педагог ва техник ходимларни мажбуран жалб қилгани, ходимлар иш ставкалари ва дарс соатлари қисқариб кетишидан хавотир олиб ушбу ишларни кўрсатмаси асосида бажарганини қайд этган.
Ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 25-моддаси (Иш берувчининг мажбуриятлари) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори (“Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”) талабларини бузганлиги аниқланган.
Шу сабабли, Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби директорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (34 000 000) миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Шарҳлар