“Макдоналдс” судда ғолиб чиқди, Алишер Усмонов укасининг талаблари бекор қилинди
Бугун Тошкент шаҳар Хўжалик судида McDonald’s савдо белгисининг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилиши билан боғлиқ низо бўйича суд жараёни бўлиб ўтди ва тимсол бренд фойдасига қарор қабул қилинди.
Reach Impex компанияси Адлия вазирлигига ушбу товар белгисини рўйхатдан ўтказиш талаби билан мурожаат қилиб, бир вақтнинг ўзида McDonald’s томонидан товар белгисининг ҳимоя қилинишини тўхтатишга уринган, бироқ суд McDonald’s компаниясининг ушбу товар белгисига бўлган ҳуқуқларини тан олган ва McDonald’s Ўзбекистонда охирги йилларда ушбу савдо белгиларидан фойдаланишини аниқлаган.
2022 йил 19 апрелда 211,1 миллион сўм устав капитали билан рўйхатдан ўтган ва улгуржи ихтисослаштирилмаган савдо билан шуғулланувчи компания таъсисчилари Баҳодир Бурхонович Усмонов (60 фоиз) ва Аброр Ахралович Абдужабборов (40 фоиз) бўлиб, охиргиси бир вақтнинг ўзида компания раҳбари ҳам ҳисобланади.
Баҳодир Бурхонович Усмонов ҳуқуқий можаро оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг Reach Impex таъсисчилари сафидан чиқди.
Баҳодир Бурхонович Усмонов асли ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг укаси.
Бу ҳақда унинг қизи Гулнора (Ганя) Усмонова 2017 йил декабрь ойида “Татлер” журналига берган интервьюсида гапирган эди.
Шарҳлар