Марказий банк фуқароларни фирибгарликдан огоҳлантирди
Ҳозирги кунда фирибгарларнинг интернет тармоғидан сохта телефон рақамлари орқали фуқароларга қўнғироқ қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунда фирибгарлар Марказий банк ходими сифатида ўзини таништириб, фуқароларнинг ишончига киришга уринмоқда, деб хабар бермоқда Маркзий банк матбуот хизмати.
Бундан ташқари, фирибгарлар телеграм мессенжерида «Марказий банк»нинг сохта каналини яратиб, фуқароларнинг банк карталарига оид маълумотларини қўлга киритиш орқали картадаги пул маблағларини ўзлаштирмоқда.
Марказий банк бу каби хабарлар ва аккаунтларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Фуқаролар учун қуйидаги маълумотлар эслатиб ўтилади:
- Марказий банк жисмоний шахсларга кредитлар ажратмаслигини ва молиявий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланмаслигини ёдда тутинг.
- Фуқаролардан ушбу хабарларга эътибор қаратмаслик ва банк карталари маълумотларини учинчи шахсларга бермаслик, ҳеч қандай ҳаволага кирмаслик сўралади.
- Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш жараёнида регуляторнинг тармоқлардаги верификацияланган саҳифаларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Улашиш:
Шарҳлар