«Матбуот уйи»ни реконструксия қилиш билан Yangi Zamon Bino ташкилоти шуғулланади

Газетный корпус
Фото: LiveInternet

Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Матбуот уйи мажмуасини («Газета корпуси») реконструксия қилиш бўйича ўтказилган тендер натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда Газета.уз хабар беряпти.

Ҳужжатларга кўра, бино ва иншоотлар ҳамда уларга туташ ҳудудда замонавий медиа шаҳарча ташкил этиш режалаштирилган.

Бошланғич нархи 103,49 млрд сўм бўлган тендерда тўртта компания иштирок этди, улардан 3 таси Фарғона вилоятидан:

  • Тошкент шаҳридан Yangi Zamon Bino (қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрида энг юқори А рейтингига эга);
  • Фарғонадан BB рейтинги билан Baraka Fayz Invest;
  • Фарғонадан Fargona Kristal Qurilish (BB);
  • Марғилондан Farg‘ona Me’mor Qurilish (B).

Эътиборлиси, Фарғона вилоятидан учта корхона бир хил — 98 миллиард 315 миллион сўм таклиф қилган.

Танлов якунига кўра, аризаларни қабул қилишнинг сўнгги кунида тақдим этган 98,86 миллиард сўмлик таклиф билан Yangi Zamon Bino компанияси ғолиб бўлди. У тендер комиссиясидан 60,13 балл олди. Baraka Fayz Invest (58,3 балл) захира ғолиби сифатида танланди.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Yangi Zamon Bino 2016 йилнинг ноябрь ойида рўйхатга олинган. Устав капитали 566,18 млрд сўмни ташкил этади. Таъсисчилар рўйхатида Unique Trade Business (50%) ва «Ўзбекистон темир йўллари» (50%) кўрсатилган. Unique Trade Business`нинг асосчилари, ўз навбатида, Golden House Development (99%) ва BeFit премиум спорт мажмуалари, Ўзбекистонга қоғоз маҳсулотларини етказиб берадиган Oriental Paper & Board компанияси ва бошқаларда улушга эга Жахонгир Жетибаевич Полатов (1%) ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.