Мажбуран олиб кетилган аёлга ҳимоя ордери берилди
Оила ва хотин-қизлар масалалари давлат қўмитаси ҳамда Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокимлиги вакиллари Тошкент шаҳрида турмуш ўртоғи ва қайнотаси томонидан ушланиб, зўрлик билан судраб олиб кетилган 22 ёшли аёлнинг оиласига ташриф буюришди. Бу ҳақда туман ҳокимлигига таяниб, «Газета.uz» нашри хабар беради.
Вазият ҳокимликнинг оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда ички ишлар бўлими томонидан назоратга олиниб, оила аъзолари билан профилактика суҳбати ўтказилди, дейилади хабарда.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг биринчи ўринбосари Озода Парпибоева аёлни шахсан қабул қилиб, суҳбатлашди. Суҳбат тафсилотларига аниқлик киритилмаган.
Аёлнинг эри ва қайнотасига нисбатан тергов ҳаракатлари бошланган. Пайшанба куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “Одам ўғирлаш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
Аёлга ҳимоя ордери чиқарилиб, тиббий кўрикдан ўтказилди. Ҳокимият вакиллари оиланинг яшаш шароити билан ҳам танишди, дейилади хабарда.
Ҳокимлик баёнотида туман ҳокимлиги аёлларга нисбатан зўравонликка қарши эканлиги алоҳида таъкидланган.
Шарҳлар