МБ валюта амалиётлари бўйича чекловларни жорий этишни кўзда тутувчи қарорни бекор қилди

Мамаризо Нурмуратов. Фото: Центральный банк

Ўзбекистон Марказий банки тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектларига қўйлиган валюта операциялари бўйича янги чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда МБ бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов 16 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.

Банкларга 15 сентябрь куни қабул қилинган қарорни ижросиз қолдириш кўрсатмаси берилди.

“Кеча қабул қилинган валюта чекловлари бекор қилинди. Орқага қайтиш йўқ ва бўлмайди ҳам. Қарордан мақсад конвертацияни чеклаш эмас, балки валюта курсларига риоя қилишни янада қаттиқроқ жорий этиш эди. Буни жуда мураккаб геосиёсий вазият талаб қилмоқда. Жамият томонидан қабул қилинмаган қарор нотўғри қарор”, – дейди Нурмуратов.

Аввалроқ хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий валютани сотиб олиш ва валюта операциялари билан боғлиқ операциялари эндиликда фақат асосий ҳисобварақ очилган банклар орқали амалга оширилиши маълум бўлган эди.

Бундан ташқари, банкларга тадбиркорларга чет эл валютасини сотиш билан боғлиқ операциялар устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди. Валюта сотилиши банкларнинг таркибий бўлинмалари – банклар раисларининг ўринбосарлари бошчилигидаги эксперт гуруҳлари хулосалари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, банкларга мижозларнинг бирламчи ҳисобварақларидаги миллий валютадаги маблағларини валютани конвертация қилиш учун бошқа банклардаги иккиламчи ҳисоб рақамларига ўтказиш ҳам тақиқланади.

Шунингдек, уларга тадбиркорлик субъектлари-мижозларнинг бошқа банкларда очилган иккиламчи махсус валюта ҳисобварақларини ёпиш чораларини кўриш топширилди. Бошқача айтганда, мижозлар бошқа банклардаги махсус ҳисобварақларини ёпиши, фақат битта ҳисоб рақамига эга бўлиши, яъни конвертацияни фақат битта банк орқали амалга ошириши керак.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.