Қашқадарёда МЧЖ раҳбарлари фуқароларнинг 921,2 млн сўмини олган 

Фото: departament.uz

Кўкдала туман прокуратураси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда “К.И.” МЧЖ раҳбари Ж.Х. “Олтин дала” МФЙ ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уй хонадонларини сотишда 4 нафар фуқародан дастлабки тўлов сифатида тўланган маблағлар эвазига уларга хонадонларини расмийлаштириб бермасдан жами 457,2 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

“Китоб туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “К.С.” МЧЖ раҳбари М.А. фуқароларга ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖ томонидан шартнома асосида мижозларга осон ва қисқа муддатларда автомашиналарни етказиб бераётганлигини айтиб, 3 нафар фуқарога 2 ой муддатда “Tracker”, “Cobalt” ва “Damas” русумли автотранспорт воситаларини олиб бериши эвазига уларнинг жами 464 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган”, – дейилади хабарда. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.