Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари эндиликда электрон шаклда берилади
2024 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномаларини фақат электрон шаклда расмийлаштириш белгиланди, деб ёзмоқда ССВ матбуот хизмати.
Хабарга кўра,“Касаллик варақаларини шакллантиришда 2 та роль белгиланган: Яратувчи (меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини юритишга масъул тиббий ходимлар) ва Тасдиқловчи (бош шифокор, унинг ўринбосари, мудир)”.
Шунингдек, ҳозирда республика ташкилотлари, хусусий клиникалар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида бўлмаган бошқа вазирлик ва идоралар тиббий қисмларининг расмий мурожаати бўйича уларга тасдиқлаш роллари бериляпти.
“Тизимга киритилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари тўғрисидаги маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” (my.gov.uz) ахборот тизими ҳамда “UZASBO” дастурий таъминотига электрон шаклда юборилади”, – дейилади хабарда.
Хусусий ташкилотлар ходимининг меҳнатга лаёқатсизлик варақалари тўғрисидаги маълумотларини олиш учун Mehnat.uz ахборот тизими ҳамда “UZASBO” дастурий таъминотига интеграция қилинган бўлиши лозим.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2022 йил 1 сентябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан мамлакатда меҳнатга қобилиятсизлик варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш тест-режимида амалиётга татбиқ этилган эди.
Шарҳлар