Метан заправкаларга қўйилган чекловлар бугундан юмшатилади

Фото: Бобур Каримов / Anhor.uz

Метан заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар бугундан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, аввалдан белгиланган режа-график асосида босқичма-босқич олиб ташланмоқда. Бe ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари маълум қилган.

21 феврал куни барча электр станциялар орқали жами 246,8 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 5 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 41,9 млн кубометр табиий газ, 23,5 минг тонна кўмир ҳамда 12 минг тонна мазут ёқилган.

«Туркманистон Республикасидан 20 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди. Республика истеъмолчиларига 240,9 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 6 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди. Қишнинг совуқ кунларида магистрал газ қувурларида газ босимининг авария оқибатида кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг бир неча маротаба ошиши туфайли 21 февраль куни ҳам республикамиз бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 500 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди», – дейилган хабарда.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкин.

Кеча соат 15:10 да, 17 февраль куни Бухоро вилоятида кучли шамол натижасида юқори кучланишдаги 2 та электр узатиш тармоғида юз берган носозлик тўлиқ бартараф этилган.

Газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 21 феврал куни ҳам унинг истеъмоли аввалги кунлардагидан бирмунча ортиб, 154,6 млн кубометрни ташкил қилди.

Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида магистрал газ қувурларидаги босим меъёрий схемадагидан пастлигича қолмоқда.

Табиий газ ҳажми меъёрий схемага яқинлашяпти. Бироқ совуқ об-ҳаво туфайли газ босимининг пасайгани меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишини кечиктирмоқда.

Магистрал газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетиши оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор зарур чоралар кўрилмоқда.

«Хусусан, газ босимининг камайганини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча метан заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар бугундан маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, аввалдан белгиланган режа-график асосида босқичма-босқич олиб ташланмоқда», – дейилади хабарда.

Метан заправкалар билан боғлиқ вазият ҳақида кун давомида маҳаллий ҳокимликлар ахборот ресурсларида, шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ва Энергетика вазирлигининг расмий ахборот манбалари орқали хабар қилиб борилади.

Кеча мамлакатимиздаги 407 та метан заправка орқали ижтимоий соҳалар – тиббиёт муассасалари, жамоат транспортлари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 2 миллион 607 минг кубометр табиий газ етказиб берилди.

Автобензин ва дизел ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 21 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 4 минг 501 тонна автобензин етказиб берилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.