Метан заправкалари фаолиятига чекловлар киритилмоқда

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда. Республика ҳудудларида ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида магистрал газ қувурларида босимнинг камайиши ҳолатлари кузатиляпти. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар беряпти.

Шуни инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида республикадаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда.

“АГТКШлар фаолиятига киритилган чекловларни ҳисобга олган ҳолда республикадаги барча бензин “заправка”ларга автобензин маҳсулотларини қўшимча миқдорларда етказиб берилиши таъминланади”, – дейилади хабарда.

Истеъмолчилардан етказилган ноқулайликлар учун узр сўраган ҳолда, вазият барқарорлашгунга қадар имкон қадар тежамкорликка риоя қилишларини сўраймиз.

АГТКШлар фаолиятида ўзгаришлар кузатилса, қўшимча маълумотлар берилади, дейилган хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.