Россияда TikTok тармоғини блокировка қилиш таклиф этилди

Фото: Moscow Times

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг профессионал фойдаланувчилари уюшмаси “Роскомнадзор”га Россияда TikTok тармоғини блокировка қилишни таклиф қилди, деб ёзади ТАСС. “Бугунги кунда Россиядаги ушбу платформа <…> фойдаланувчиларни маҳаллий платформалардан узоқлаштирмоқда”, – деб ҳисоблайди уюшма.

Уюшма Хитой ижтимоий тармоғида фойдаланувчи маълумотларининг (Шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун) локализациясини текширишни  ва, агар қонунбузарликлар аниқланса, уни Россияда блокировка қилишни сўраган.

Ташкилот маълумотларига кўра, TikTok тармоғини тақиқлаш орқали Россия ижтимоий тармоқлари (“VK видео”, Yappy, “Дзен”) 30 миллион янги аудиторияга эга бўлади, бу Хитой иловаси ҳозир ўрнатган миқдорга тенг. Регулятор мурожаатни 8 майгача кўриб чиқади.

Бир кун олдин TikTok Украина Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгашининг дезинформацияга қарши курашиш маркази сўровидан сўнг россияпараст каналларни блокировка қилишни бошлагани маълум бўлганди.

“Дезинформацияга қарши курашиш маркази Россия ташвиқотининг интернетда тарқалишига қарши курашиш мақсадида TikTok ижтимоий тармоғи маъмурияти билан расмий ҳамкорликни бошлади”, – дейилади хабарда.

Марказ веб-сайтида Киев блокировка қилишни сўраган 83 та TikTok канали рўйхати мавжуд. Уларнинг орасида давлат медиа каналлари, тарғиботчилар Маргарита Симоньян ва Владимир Соловьёв, қўшиқчилар Shaman, Николай Басков ва Филипп Киркоровлар бор.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.