Метан заправкаларидаги чекловлар бекор қилинди
31 декабрь – 2 январь санаси оралиғида мамлакатда жами 670,6 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва истеъмолчиларга 624,2 миллион кВт·соат электр энергияси етказиб берилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.
«Мазкур кунлар давомида тизимда йирик авариялар ҳамда фавқулодда ҳодисалар рўй бергани йўқ. Барча тизим ташкилотларида 24 соатлик туну кун навбатчилик йўлга қўйилиб, махсус бригадалар электр энергияси ва газ таъминотида юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этишди. Республика табиий газ истеъмоли 446 миллион кубометрни ташкил қилди. Кеча, 3 январь куни эса электр станциялар орқали жами 234,1 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга 219,8 млн кВт·соат электр энергияси етказиб берилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 47,4 млн кубометр табиий газ, 20,6 минг тонна кўмир ҳамда 2,4 минг тонна мазут ёқилди», – дейилади хабарда.
Республика табиий газ истеъмоли 3 январь куни 150,8 млн кубометрни ташкил қилди. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида метан заправкаларга киритилган чекловлар олиб ташланди. Барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.
«Кеча мамлакатдаги жами 1 минг 507 та метан заправканинг 1 минг 363 таси, яъни 91 фоизи тўлиқ иш фаолиятида ишлаган. Автобензин ва дизель ёнилғиси талабни қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 3 январь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатдаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига жами 2 минг 607 тонна автобензин етказилди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 12,1 млн кубометр табиий газ ҳамда 600 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Шунингдек, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун биржа савдоларига 3 минг 425 тонна автобензин, 3 минг 593 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 2 минг 906 тонна автобензин ҳамда 72 тонна дизель ёнилғиси сотилган», – дея таъкидлади Ҳасан Тошхўжаев.
Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик асосида ишлаяпти.
300 нафардан зиёд ишчи-ходимлар туну кун ишлаб, жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқдалар.
Шарҳлар