Миллий гвардия ва ИИБга экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати берилди
Президент «Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг юрисдикциясига ўтказилади:
- 63-модда (Ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини қабул қилиб олиш);
- 72-модданинг 1 ва 4-қисмлари (Сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларда сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузишга оид қисмида, бундан ер ости сувларига доир ҳуқуқбузарликлар мустасно);
- 79-модданинг 1 ва 3-қисмлари (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш);
- 88-модда (Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик, бундан битум эритиш чоғида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик мустасно);
- 90-модданинг 1-қисми(Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш);
- 91-модда(Саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишга оид қисмида);
- 91−1-модданинг 1, 2 ва 3-қисмлари (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш);
- 91−2-модда (Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш).
Бундан ташқари, Миллий гвардия ходимлари 161-модда (Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) бўйича ишларни ҳам кўриб чиқади.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг мансабдор шахсларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида муайян ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий қамоққа олиш ваколати берилди (ИИВ учун 63, 72, 79, 88, 90, 90−1, 91, 91−1, 91−2, 110, 111 моддалар), Миллий гвардия учун 63, 72, 79, 88, 90, 901, 91, 91−1, 91−2 моддалар).
Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларига МЖтКнинг 110 (ит ва мушукларни сақлаш қоидаларини бузиш) ва 111 (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) моддаларида кўрсатилган қоидабузарликлар учун ҳибсга олиш ваколати ҳам берилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.
Шарҳлар