Миллий масс-медиани ривожлантириш фонди фарғоналик журналистни ҳимоя қилди

Источник: Шарифа Мурод/Facebook

Ижтимоий тармоқларда “Бувайда кўзгуси» газетаси журналисти Шарифа Муродга нисбатан босим ўтказилаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Гап шундаки, мазкур журналист маҳаллий фермерлардан бирининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўллаган мурожаатини Facebook.даги саҳифасида айнан Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи арафасида эълон қилган.

Мурожаатда Бувайда тумани ҳокими ерни ноқонуний олиб қўйгани айтилган.

Шарифа Муроднинг сўзларига кўра, ўриндошлик асосида Бувайда тумани ҳокимлигининг матбуот котиби лавозимида фаолият юритувчи газета бош муҳаррири ундан «ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшашни сўраган.

Масс-медиа фонди вакиллари вақтни бой бермай Шарифа Мурод билан боғланди. Журналистнинг айтишича, ҳозир вазият изга тушган. Журналист ишдан бўшатилмаган. Фарғона вилояти ҳокимлиги вазиятни тўғри баҳолаб,  журналистга босим ўтказишнинг олдини олганидан, шунингдек, касбий фаолиятни амалга оширишда журналист ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда маҳаллий ҳокимликнинг фермерга нисбатан ҳатти-ҳаракатлари қанчалик қонунийлиги борасида суриштирувни бошлаганидан хурсандмиз.

Фонд ушбу вазиятни кузатишда давоми этади. Давлат раҳбарининг ташрифидан сўнг Шарифа Муродга нисбатан босим қайта бошланишига йўл қўймаймиз.  Ўзбекистон – демократик давлат, бу мамлакатда журналистлар журналистик текширувлар ўтказиш ҳуқуқига эга. Оммавий ахборот воситалари цензурасига йўл қўйилмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.