Ўзбекистонда чанг бўронларига қарши курашиш бўйича миллий дастур амалга оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларидаги таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари ахборот хизмати.
Ҳозирги кунда ҳавони мусаффо сақлаш, экологик ҳодисаларнинг таъсирини камайтириш тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис бу борада иккита дастур ишлаб чиқилди.
Биринчиси – Чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича 2024 – 2030 йилларга мўлжалланган миллий дастурдир. Бу ҳужжатда “Евро-4” стандартидан паст тоифадаги ёқилғини сотиш ва ундан фойдаланишни босқичма-босқич тўлиқ тақиқлаш назарда тутилади. Бунинг учун Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари юқори сифатли ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича модернизация қилинади.
Иккинчиси – Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури бўлиб, унга кўра, келгуси 5 йилда пойтахтимиз ва унга туташ Тошкент вилояти туманларида 441 гектар “яшил белбоғ” ва боғлар ташкил қилинади.
Санитар тозалаш ишларини тартибга солиш мақсадида мавжуд марказ негизида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигини тузиш таклиф этилмоқда. Санитар тозалаш корхоналарининг самарадорлик кўрсаткичларига қараб, учта тоифага ажратган ҳолда рейтинг тизими жорий қилинади.
Янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган биноларни лойиҳалаштиришда унга туташ ҳудудларнинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш талаби қўйилади. Шунингдек, атроф-муҳитга зарари кўп саноат корхоналари ҳам “яшил белбоғ”лар барпо этиш мажбуриятини олади.
Экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Фаол ва жонкуяр инсонларни рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш таклифи билдирилди.
Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Орхус конвенциясига қўшилиш масаласи кўриб чиқилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик бўйича модда киритиш мақсадга мувофиқлиги айтилди. Шунингдек, дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш кабилар учун жарималарни ошириш ва қатъийлаштириш чоралари кўрилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан республикада экологик маркировкалаш тизими жорий этилган. Энди ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ, “Yashil belgi” номи остида маҳсулот ва хизматларни ихтиёрий экологик маркировкалаш йўлга қўйилади. 2 минг 336 та хўжалик юритувчи субъектларда автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш бўйича тармоқ жадваллари тасдиқланади.
Экология вазирлиги ҳузурида жамоатчилик назорати остида бошқариладиган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Яшил хайрия жамғармаси” ташкил этилади. Электрон харид иловаларида “Яшил тўлов” ихтиёрий устама тури очилади.
Соҳадаги яна бир муаммо ёввойи ҳайвонларни асраш билан боғлиқ. Уларни хонадонларда боқиш ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган. Шу боис энди ёввойи ҳайвонларни уй шароитида, цирк ва шапитоларда сақлаш ҳамда томошаларда фойдаланиш тақиқланади. Жисмоний шахслар ихтиёридаги ҳамда циркларда сақланувчи бундай жонзотлар ҳайвонот боғларидаги реабилитация марказларига, океанариумлар, питомник ва илмий-тадқиқот муассасаларига топширилиши белгиланмоқда.
Тақдимотда тиббий туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.
Шу мақсадда Ўзбекистон бу йўналишда Марказий Осиёнинг “чорловчи нуқтаси” сифатида тарғиб қилинади. “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури амалга оширилади. Тиббий ва соғломлаштириш муассасалари фаолияти рағбатлантирилиб, уларнинг ягона реестри ишга туширилади. Меҳмонхоналар каби юлдузли санаторийлар фаолияти йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари булар бўйича ҳужжат лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш ва ижросини самарали ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шарҳлар