Самарқандда Миронқул-Оҳалик тоғида адашиб қолган фуқаро қутқарилди
Самарқанд вилоятида Миронқул-Оҳалик тоғида йўлдан адашган фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди, деб хабар бермоқда вилоят ФВБ.
17 август куни соат 21:25 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 1 нафар фуқаро Самарқанд тумани Миронқул маҳалласидаги тоғларда дам олиш мақсадида чиқиб, йўлдан адашиб қолганлигини маълум қилиб, пастга тушиб олишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Хабарга асосан, зудлик билан қидирув-қутқарув ишларига Махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отрядининг бир гуруҳ қутқарувчилари жалб қилинган. Қутқарувчилар томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 август куни соат 01:30 да 2006 йилда туғилган фуқаро И.А Миронқул-Оҳалик тоғининг денгиз сатҳидан 1000 метр баландликдан топилган.
Ушбу фуқаронинг хавфсизлиги таъминланган ҳолда тоғдан пастга олиб тушилган. Фуқаронинг соғлиғи яхши, унга ҳеч қандай тан жароҳатлари етмаган, дейилади хабарда.
Шарҳлар