Мирзиеёв 26 январь куни Бишкекка ташриф буюрмайди. Қирғизистонда ташрифнинг аниқ санаси номаълум

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

17 январь куни Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 январь куни Қирғизистонга келиши ҳақида хабар пайдо бўлди, деб ёзади Kloop.kg.

“Акипресс” нашрининг сайтида Қирғизистон Савдо-саноат палатаси (ССП)нинг хабари эълон қилинган. Мақолада айтилишича, Мирзиёев 26 январь куни Қирғизистонга учиб келиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши йиғилишида иштирок этиши керак эди.

Шу билан бирга, палатанинг расмий сайтида эълон қилинган оригинал релизда Ўзбекистон раҳбарининг Қирғизистонга ташрифи ҳақида умуман сўз йўқ. Савдо-саноат палатаси 26 январь куни мамлакатда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ишбилармонлар кенгаши бўлиб ўтиши, унда тадбиркорлик бирлашмаларининг раҳбарлари ўзбекистонлик ҳамкасблар билан муҳокама қилиш учун ҳужжатлар тақдим этилиши ҳақида хабар берган холос.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг “Клооп”га айтишича, Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифининг аниқ саналари ҳозирча маълум эмас. Уларнинг қўшимча қилишича, Савдо-саноат палатаси “хорижий давлатлар президентларининг ташрифини эълон қилиш ваколатига эга эмас”, шунингдек, палата фақат Ишбилармонлар кенгаши ҳақидаги маълумотларни эълон қилган.

Қайд этиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга ташрифи доимий равишда қолдирилмоқда – у 2022 йил октябрь ўрталарида кутилаётган эди.

Шундан сўнг Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Нуран Ниёзалиев Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан мамлакатга келиши кераклигини айтганди. Бироқ амалдор аниқ санани айтмаган ва ҳаммаси икки қўшни давлат раҳбарларининг жадвалига боғлиқлигини айтган.

Ниёзалиев Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи ҳақида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтиши билан боғлиқ можаролар фонида баёнот берганди. Аммо айни пайтда у Мирзиёевнинг ташрифи ана шу “қайноқ мунозаралар” билан боғлиқлигини инкор этди.

Октябрь ойи охирида Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи қолдирилгани маълум бўлди. Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи декабрь ойида ҳам кутилганди – Бишкекда ЕОИИ саммити бўлиб ўтган, унга Ўзбекистон раҳбари келиши керак эди. Саммитдан бир кун аввал Мирзиёевнинг тадбирда бўлмаслиги маълум бўлди.

Ўшанда Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев қўшни давлатлар раҳбарлари телефон орқали мулоқот чоғида давлат ташрифи санасини кўчиришга келишиб олганини таъкидлаганди.

Бу пайтга келиб Кампиробод сув омборини топшириш бўйича ҳужжатлар имзоланган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.