Мирзиёев Марказий Осиёда маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босувчи маконни яратишга чақирди
Марказий Осиё мамлакатлари саноатни ривожлантириш миллий дастурлари асосида саноатни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босувчи Марказий Осиё маконини шакллантириш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқишлари зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг IV маслаҳат учрашувида билдирди, деб ёзади “Фергана” нашри.
Мирзиёев жаҳон иқтисодиётидаги инқироз кучайиши муносабати билан минтақа давлатлари “анъанавий логистика занжирларининг бузилиши муаммоларига дуч келганини, импорт инфляцияси ошиб бораётгани, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ хавфлар бир неча баробар ортганини” таъкидлади.
Минтақа давлатлари Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини изчил ҳал этиб келмоқда, – деди Ўзбекистон раҳбари.
“Бу йўлда кўплаб тўсиқлар олиб ташланди, фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва сайёҳлик алмашинуви учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилувчи қулай муҳит шаклланди. Биргина сўнгги беш йилнинг ўзида ҳудудлараро товар айланмаси ҳажми икки баравар ошди. Шунингдек, қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратиш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришни бошладик”, — дея иқтибос келтиради Мирзиёевнинг сўзларидан унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Бироқ, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти ҳали ҳам фойдаланилмаган. Ҳудудлар ичидаги савдо, турли ҳисоб-китобларга кўра, минтақа мамлакатлари умумий савдо айланмасининг 5% дан 10% гача бўлган қисмини ташкил қилади.
“Шу муносабат билан биз ўзаро савдони рағбатлантиришнинг янги шакл ва механизмларини фаол жорий этишни таклиф қиламиз. Гап ягона қоидалар ва товарларни етказиб беришнинг соддалаштирилган тартиб-қоидаларига эга бўлган чегара савдо зоналари тизимини яратиш ҳақида бормоқда”, — дея тушунтирди Мирзиёев.
У учинчи давлатлардан олиб келинаётган қиммат ва ҳар доим ҳам сифатли бўлмаган импортни минтақадаги ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига алмаштириш ва саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
“Бизнинг ишбилармон доираларимиз рақобатдош устунликлардан ва минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириш омилидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини яратишдан манфаатдор”, – дейди Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти ҳар йили Марказий Осиё ҳудудлари форумини ўтказиш ва минтақанинг сармоявий жозибадорлигини ошириш учун ягона қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ҳаракат қилишни таклиф қилди.
Мирзиёев минтақа давлатларида ишлаб чиқариладиган кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан аҳолини кафолатли таъминлашнинг комплекс схемасини ишлаб чиқишни муҳим деб ҳисоблайди. Булар, биринчи навбатда, дон, мойли ва ем-хашак экинлари, янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, гўшт ва сут маҳсулотлари ва бошқалар.
“Бу масалаларда биз, биринчи навбатда, Марказий Осиё минтақасининг умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тизимли ишларни йўлга қўйишимиз керак”, – дея қайд этди Мирзиёев.
У ўз нутқида қуйидагиларни таклиф қилди:
– Ҳиндистон, Покистон ва Хитой бозорларига чиқиш учун муқобил транспорт йўлакларини илгари суриш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш;
– ҳукуматларга “Марказий Осиё учун Яшил кун тартиби” дастурини амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар режасини тайёрлашни топшириш. Бу, хусусан, иқтисодиётни декарбонизациялаш, муқобил энергетикани илғор ривожлантириш, сувни тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришни назарда тутади;
– маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, умумий тарихни чуқур ўрганиш бўйича қўшма ишларни кучайтириш;
– минтақа мамлакатларида навбатма-навбат Марказий Осиё маданияти, санъати ва киноси фестивалини ўтказиш;
– ички ҳудудий туризмни фаол рағбатлантириш.
Ўзбекистон Президенти хавфсизлик соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Мирзиёев анъанавий таҳдидларни (экстремизм, терроризм, уюшган жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар савдоси) эсга олар экан, “Интернетдаги ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги муаммолар, уларнинг кўлами ортиб бораётганига” ишора қилди.
“Бугунги кунда бу таҳдидлар учун чегара йўқ – улар мобил телефонлар орқали кириб келяпти. Афсуски, Ўзбекистонда сўнгги пайтларда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизга тартибсизлик ва беқарорлик уруғини сепишга уринаётган бузғунчи кучлар мавжудлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу муносабат билан биз минтақа давлатлари Хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг ушбу барча йўналишлар бўйича мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз”, — деди Мирзиёев.
У, шунингдек, Афғонистонга тўхталиб, ушбу мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ва унинг ижтимоий ва иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик минтақа давлатлари учун устувор вазифа бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.
“Биз, энг яқин қўшнилар, бу мамлакатда барқарорликдан манфаатдормиз. Халқаро ҳамжамият бу муаммони қандай қабул қилиши кўп жиҳатдан бизга боғлиқ. Шунингдек, биз ушбу мамлакат билан савдо алоқаларини фаол ривожлантириш, уни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кенгайтириш, муҳим ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш тарафдоримиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар