Мирзиёев Самарқанд вилоятида 10 та амалдорни ишдан бўшатди
Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминалида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида вилоят фаолларининг йиғилиши ўтказилди. Ўта танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда давлатимиз раҳбари вилоятдаги секторлар ва тегишли мутасаддилар жуда суст ишлаётганини кўрсатиб ўтди.
Фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун:
– Самарқанд тумани ҳокими Н.Мавлонов;
– Нуробод тумани ҳокими Ф.Заиров;
– Марказий банкнинг вилоят бошқармаси раҳбари О.Тўхтаев,
– Оқдарё тумани прокурори Д.Кубаев;
– Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари Ж.Қодиров, Ф.Гафаров ва Д.Ибрагимов;
– Ургут ва Пайариқ туманлари давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари А.Алмазов ва М.Эргашев;
– вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ғ.Маматқулов ишдан олинди.
Президент матбуот котибининг қайд этишича, уларнинг фаолиятига нисбатан тўпланган, шу жумладан коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноий иш очиш масаласи ўрганиб чиқилади.
«Айрим ҳокимлар порахўрлик, таниш-билишчиликка йўл қўйган, одамлар дардига беътибор бўлган. Зарур маблағлар ажратилган бўлса-да, ичимлик суви, иссиқлик ва электр таъминотини яхшилаш ишлари суст ташкил этилган», – дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.
Сув тежовчи технологиялар жорий қилиш учун ажратилган субсидия маблағлари мақсадсиз ишлатилган. Вилоят банкларида муаммоли кредитлар ҳажми ортган, кредитларни нотўғри ажратиш, имтиёзли кредитларга мўлжалланган маблағларни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланган. Йўл-транспорт ҳодисалари, жиноятлар сони ошган.
«Марраларимиз жуда юқори, халқимиз биздан амалий натижалар кутаяпти. Мана, бугун 10 та раҳбарни ишдан олдим. Бундан буён ишламаган раҳбарларга чора жуда қаттиқ бўлади. Бундан ҳамма хулоса қилиши керак», – деди давлат раҳбари йиғилиш якунида.
Шарҳлар