Мирзиёев Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг биринчи Конгерссини ўтказишни таклиф қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.
Ўзаро инновацион ҳамкорлик ва ёшлар масаласида муносабатларни кенгайтириш мақсадида давлат раҳбари келгуси йилда Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг “Ёшлар инновация тарафдори” шиори остидаги биринчи конгрессини ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон таълим, фан, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат борасидаги қўшма лойиҳалар ва дастурлар амалга оширилишида янада фаол кўмаклашиш ва иштирок этишга тайёрлиги таъкидланди.
2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрини МДҲнинг маданият пойтахти деб эълон қилиниши тўғрисидаги қарор қўллаб-қувватланди. 2024 йилда маданият пойтахти номини олишга Самарқанд номзоди илгари сурилди.
Бундан ташқари, президент ҳар йили шахмат бўйича Ҳамдўстлик очиқ кубогини ўтказишни таклиф қилди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтаётган саммит ишида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев қатнашди.
Шарҳлар