“Қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланади”. Шаҳноза Мирзиёева Самарқандда ўсмир бола занжирлангани юзасидан муносабат билдирди

Фото: Instagram / Shahnoza Mirziyoyeva

Самарқандда Damas автомашинасида ўсмир бола оёқлари занжирланган ҳолатда топилгани юзасидан Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева муносабат билдирди.

“15 март куни Самарқандда юз берган воқеага ишониш қийин бўлса-да, ҳар қандай муаммонинг ечими уни қабул қилишдан бошланишини тушунишимиз керак. Мажбурий равишда кишанбанд қилинган ўсмирга малакали психологлар томонидан зарур ёрдам кўрсатилмоқда, айни пайтда унинг саломатлигига ҳеч нарса таҳдид солаётгани йўқ”, — деб ёзади у.

Қайд этилишича, қонунбузарга нисбатан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Жамоатчиликни ларзага келтирган бу ҳодиса кўрилаётган чора-тадбирлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, бу қонунбузарлик барчамиз учун муборак Рамазон ойида содир этилгани кишини баттар қайғуга солади.

Юртимизда бирорта ҳам вояга етмаган шахс бундай ҳолатга тушиб қолмаслиги учун жамиятимизда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз.

Кези келганда айтишим керакки, мазкур жиноят фош бўлишига ҳисса қўшган, ўз вақтида ички ишлар органларига хабар берган ҳушёр ва ғамхўр жамоатчилик вакилларидан чин дилдан миннатдорман. Уларнинг ёрдами билан ўсмир учун янада аянчлироқ зўравонликларга дучор бўлишининг олди олинди”, — дейилади баёнотда.

Мирзиёева Самарқандда рўй берган воқеа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олинганини таъкидлади. “Бироқ биз қуруқ баёнот билан чекланиб қолмай, жабрланувчининг соғломлаштирилиши, таълим олиши ва нормал шароитда яшаши учун барча зарур шароитлар яратилиши учун ғамхўрлик кўрсатамиз. Ким бўлишидан қатъи назар қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонтириб қоламан”, — дея якунланади баёнот.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.