Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Россия президенти сайловидаги ғалабаси билан қутлади

Фото: tvzvezda.ru

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни бўлиб ўтган Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлат раҳбари мактубида сайловчиларнинг юқори фаоллиги ва овоз бериш натижалари аҳоли Владимир Путиннинг сиёсати ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурига ишонч билдираётгани ва уларни қатъий қўллаб-қувватлаётганининг навбатдаги ёрқин намойиши бўлгани таъкидланади.

Мирзиёев Россия Президентига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, Россия халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.

Аввалроқ Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Владимир Путинни Россия президенти сайловидаги “ишончли ғалабаси” билан табриклаган эди.

Владимир Путинни ғалаба билан қутлаган илк чет эл етакчилари орасида Венесуэла президенти Николас Мадуро ва Никарагуа раҳбари Даниэль Ортега ҳам бўлди.

Россия Марказий сайлов комиссияси протоколларнинг 99,33 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин берган маълумотларга кўра, Путин президент сайловида овозларнинг 87,32 фоизини тўпламоқда. Бошқа номзодлар, жумладан, Николай Харитонов 4,32 фоиз, Владислав Даванков 3,79 фоиз ва Леонид Слуцкий 3,19 фоиз овоз йиғган. Овоз беришда сайловчиларнинг 74,22 фоизи қатнашган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.